17755

Наманган вилояти ҳокимлиги тўй, маърака маросимларини ўтказиш бўйича янги қарор лойиҳасини ишлаб чиқди

Жамият 13 сентябрь 17:02 593

Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан «Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини янада ихчамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси Ҳукумат порталида муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.

Қарор сентябрь ойи охирига қадар муҳокама қилиниши ва кучга кириши режалаштирилган.

Унда бир ҳафта муддатда Наманган шаҳар ва туманлар ҳокимлари раислигида тегишли қарорлар билан тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар тузиш, уларнинг таркибига туман(шаҳар)даги обрў-эътиборга, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийлари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, шунингдек, маҳалла фаол(нуроний)ларини киритиш тавсия этилган.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, вилоятда ҳар қандай тўй ва маросимлар бир кунда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйиш, Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган тўй базмларни кечки соат 22:00 да тўхтатиш лозимлиги назарда тутилган.

Келин-куёв ФҲДЁга келишда 3 тадан ортиқ автоуловлардан фойдаланмаслик, шунингдек, автоуловларда шаҳар ва туманлардаги диққатга сазовор ва кўнгилочар жойларга сайр қилишда марказий йўл ва айланма йўл кесишмаларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳақидаги таклифлар маъқулланган.

Изоҳ билдириш