22728

ИИББ ходимлари шахсни аниқлашда планшетлардан фойдаланади

Жамият 3 ноябрь 10:47 1 478

Пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ИИББ Патруль-пост хизмати бригада командири ўринбосари подполковник Азиз Султоновнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ реал вақт режимида бирор жойнинг ўзида фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича синов лойиҳани бошлади. Бунда планшет компьютерларидан фойдаланилади.

Маълумотларга кўра,  ушбу янги лойиҳа «Хавфсиз шаҳар» концепциясининг бир қисми бўлади. Планшетлар ёрдамида нафақат фуқароларнинг яшаш жойи, балки бармоқ изи ёки юзни таниш технологиялари ёрдамида уларнинг шахси ҳам аниқланади.

Планшетлар ёрдамида ички ишлар органлари ходимлари навбатчилик қисми билан боғланиб, фуқаронинг исми ва фамилияси бўйича судланганлик мавжудлигини, шахснинг қидирувда эмаслиги ёки бедарак йўқолмаганини аниқлаши мумкин.

ИИББ вакили Ўзбекистон ИИВ тузилмаларида «тезда компьютерлаштириш» жараёни кечмоқда. «Буларнинг барчаси ходимларнинг мобиль, тез ва самарали ишлашлари учун қилинмоқда. Улар бир кишининг шахсини аниқлаш учун икки соат эмас, балки беш дақиқа сарфлашлари учун. Синов лойиҳаси давомида биз энг мақбулини танлаб олиш учун турли ускуналарни тестдан ўтказамиз», — деди Азиз Султонов.

ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг таъкидлашича, планшетлар хориждан келтирилиши мумкин, аммо дастурий таъминот маҳаллий бўлади.

АКТдан фойдаланиш бўйича Тошкент тажрибаси босқичма-босқич Ўзбекистоннинг барча вилоятларида татбиқ этилади.

Изоҳ билдириш