38798

19 нафар йўловчига принтер нега керак бўлди?

Жамият 15 май 16:51 3 111

Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда “Тошкент” халқаро аэропортида навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош этилди. Бу ҳақда Kun.uz Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматига асосланиб  хабар бермоқда.

Бу гал қонунбузарлар божсиз олиб кириш меъёрларидан устомонлик билан фойдаланишга уринишган. Яъни, республикамизга ҳаво йўллари орқали кириб келаётган йўловчилардан фойдаланган ҳолда аслида уларга тегишли бўлмаса-да, товар-моддий бойликларни йўловчиларнинг ишончига кирган ҳолда улар орқали олиб кириш режасини тузишган. Бир қарашда ушбу ҳолатда божхона қоидалари бузилмагандек туюлади. Аслида-чи?

Жорий йилнинг 11 май куни “Сингапур – Куала Лумпур – Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган йўловчиларнинг багажларида кутилмаган умумийлик бор эди. Қаранг-ки, бир эмас, икки эмас, нақд 19 нафар йўловчи ўзи билан айнан бир хил русумдаги “Саnon” русумли принтерларни олиб келишади.

Айни шу жиҳат божхоначиларнинг диққатини тортди ва йўловчиларнинг кейинги хатти-ҳаракатлари кузатувга олинди. Аэропорт автотураргоҳида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди.

Йўловчилардан бири, фуқаро Ҳ. Ш. йўловчилар томонидан божхона назоратидан белгиланган тартибда олиб ўтилган тахминий қиймати 48 млн. сўмлик 19 дона “Саnon” русумли принтерлар ва 1 дона электр плитасини аэропорт автотураргоҳида йиғиб олиб, “Спарк” русумли автомашинага юклаб олиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Тезкор тадбир давомида маълум бўлишича, ушбу товар-моддий бойликлар юртимизга қайта сотиш мақсадида олиб кирилганлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳ билдириш