43185

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 15 миллиард долларга яқинлашди

Иқтисод 28 июнь 8:19 865
Фото: «Газета.uz»

Биринчи чорак якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 14,5 миллиард доллардан 14,7 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».

Ташқи қарз давлат ва хусусий ташқи қарзлардан ташкил топган. Давлат секторида ташқи қарзнинг ўсишига асосан курс ўзгаришлари таъсир кўрсатган. Давлат ташқи қарзи қолдиқ суммаси эса 7,6 миллиард доллардан 7,9 миллиард долларга етган.

Хусусий ташқи қарз бўйича мажбуриятларнинг ўсиши асосан банк секторига (70 миллион доллар) ва нобанк молия муассасалари (3 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, хўжалик субъектларининг хусусий ташқи қарз суммаси асосий қарз ва фоизлар бўйича қарздорликнинг қопланиши ҳисобига 222 миллион долларга камайган. Натижада хусусий ташқи қарз бўйича қарздорлик 6,3 миллиард доллардан 6 миллиард долларга камайган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг норезидентлар олдидаги мажбуриятлари 26,1 миллиард долларгача ошди. Асосий ўсиш тўғридан-тўғри инвестициялар ва қарзлар ҳажми билан боғлиқ. Тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича мажбуриятлар январдаги 5,3 миллиард доллардан апрелда 5,5 миллиард долларга (4,2 фоизга) ўсди.

Изоҳ билдириш