28753

Собиқ якка тартибдаги тадбиркор қачон банкрот деб топилади?

Иқтисод 9 январь 16:31 815

30.12.2017 йилдаги ЎРҚ–455-сон Қонун билан Фуқаролик кодекси ва «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга тегишли тузатишлар киритилди. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди ва 1.01.2018 йилда кучга кирди.

Norma.uz’нинг ёзишича, энди якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) мақомини йўқотган шахс ҳам банкрот деб топилиши мумкин. Илгари банкротлик таомили фақат юридик шахслар ва ўз фаолиятини амалга ошираётган, яъни ушбу мақомга эга бўлган ЯТТга нисбатан қўлланилар эди.

Маълумот учун: рўйхатга олувчи орган томонидан жисмоний шахс – тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисидаги қайд тегишли давлат реестрига киритилган пайтдан бошлаб ЯТТ мақоми йўқотилади.

Қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш даркор.

Биринчидан, фақат пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқадиган бўлса, фуқаро банкрот деб эълон қилиниши мумкин.

Ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, алимент ундириш тўғрисидаги талаблар ёки бошқа шахсий хусусиятдаги талаблар банкротлик учун сабаб бўла олмайди. Бироқ кредиторлар қарздорга мазкур талабларни банкротлик таомили жараёнида ҳам, у тугаганидан кейин ҳам қўйишга ҳақли.

Иккинчидан, банкротлик тўғрисидаги иш, агар қарздорга нисбатан жами талаблар ЭКИҲнинг камида 30 каррасини ташкил этиб, тегишли мажбуриятлар юзага келган кундан эътиборан 3 ой мобайнида у томонидан ижро этилмаётган бўлса, иқтисодий суд томонидан қўзғатилади.

Учинчидан, қарздорларнинг мазкур тоифаси учун банкрот ЯТТларга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган кафолатлар амал қилади. Хусусан, тугатиш массасига қарздорнинг мулкида бўлган ва у ёки унинг оиласи доимий истиқомат қиладиган (алоҳида истиснолардан ташқари) ягона турар жой (квартира) ҳамда рўйхат бўйича қатор ашёлар киритилмайди.

Тўртинчидан, суднинг қарздорни банкрот деб топиш бўйича қарорини ижро этиш чоғида фақат унинг аввалги тадбиркорлик фаолияти ҳисобидан сотиб олинган мол-мулки реализация қилинади. Мол-мулкнинг шу жумлага мансублигини иқтисодий суд белгилайди.

Изоҳ билдириш