41507

Президент қарори: Ўзбекистонда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури жорий этилади

Иқтисод 11 июнь 10:06 783
Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади.

Шу мақсадда дастурнинг асосий йўналишлари белгилаб берилиб, тегишли ишчи гуруҳлар тузилди.

Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш дастурнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қарор билан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар:

энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда –кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилиши белгиланди.

Фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказилиб, фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилинади ҳамда ушбу ер майдонлари Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратилади.

10 июндан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳудудий дастури амалга оширилади.

Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Ушбу кредит маблағлари Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштирилади.

Изоҳ билдириш