49778

Молия вазирлиги: 2021 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 2 минг долларни ташкил этади

Иқтисод 6 декабрь 11:06 569

Молия вазирлигининг прогнозига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 1 956 долларни ташкил этади. Бу ҳақда 5 декабрь куни «Фуқаролар учун бюджет маълумотлари» бюллетини тақдимотида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Turon24».

2021 йилда мамлакат ЯИМ ҳажми 637,9 трлн сўмни, инфляция даражаси эса 9,9 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда иш билан банд аҳоли сони 13,2 млн кишини ташкил этади, дейилади бюллитенда.

Шунингдек, 2021 йилда мамлакат ЯИМсида қишлоқ хўжалиги улуши камаяди ва 13 фоизни ташкил этади. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ЯИМдаги улуши ортади ва 73,5 фоизни ташкил этади. Ҳозирда қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши 17,5 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши эса 45 фоизни (2018 йилнинг 9 ойи мобайнида) ташкил этгади.

Қайд этиш жоизки, Молия вазирлигининг аҳоли жон бошига даромад 2000 долларни ташкил этиши тўғрисидаги прогнозлари базис сценарий асосида ҳисобланган. Бунда нефт ва олтин нархларининг кескин пасайиши, захира валюталарининг девалвацияси, инфляция даражасининг кескин ўсиши каби ташқи эҳтимол ҳисобга олинмаган.

2017 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 7,7 млн сўмни (948 доллар) ташкил этганди. Ушбу кўрсаткичга кўра, Ўзбекистон қашшоқ мамлакатлар рўйхатида 8-ўринни эгаллаган.

2018 йилнинг 9 ойи мобайнида аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 894 долларни ташкил этган. Молия вазирлигининг прогонозича, 2018 йилнинг охирига қадар аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 1200 долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш