47888

Алишер Усмоновнинг аёли хақида нималарни биласиз?

Дунё 25 сентябрь 10:23 1 983

Россияда нашр этиладиган «Мир новостей» (2018 й. 32-сон) ҳафтаномаси машҳур мураббий Ирина Винер-Усмоновани қутлуғ юбилейи билан табриклаб, унинг ёрқин таржимаи ҳоли ҳақида ҳикоя қилди ва у қачондир кинофильм яратилишига муносиблигини таъкидлади. Бу ҳақда «Zarnews.uz» хабар бермоқда.

— Унинг номини бадиий гимнастика ишқибозлари яхши билишади, — деб ёзади ҳафтаномада Степан Строев. — Кичкинтой Ирочка 1948 йил 30 июлда Самарқандда туғилди. Отаси — Александр Винер Ўзбекистон халқ рассоми, онаси — Зоя Винер врач эдилар. Қизалоқ ўзаро аҳил-иноқ, бир-бирига меҳрибон ва ғамхўр оила муҳитида улғайди. Ота-онадаги нозиктаъблик, санъатга муҳаббат, одамларга ҳурмат ва муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш каби энг яхши хислатлар ёш қизалоққа ҳам ўтмасдан қолмади. Оилада яна бир фарзанд — акаси Борис ҳам бўлиб, у синглиси учун тоғдек суянч эди.

Оила Самарқандда 1959 йилгача яшади. Бу ерда Ирина пионерлар саройидаги рақс тўгарагига қатнашди. Кейин Тошкентга кўчиб келишди ва бу ерда қизалоқ бадиий гимнастика билан жиддий шуғуллана бошлади. Мактабни олтин медаль билан битирганида у аллақачон уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлганди.

Кейинчалик Ўзбекистон жисмоний тарбия институтида, мураббийлар мактабида ўқиди. 1992 йилгача Тошкентда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ишлади. Шаҳар терма жамоасида фаолият кўрсатди, сўнгра Ўзбекистон Республикаси терма жамоасига устозлик қилди. Унинг шогирдларидан Холодова, Зарипова СССР чемпионлари бўлишди. Николаева жаҳон кубогини қўлга киритди. 90-йиллар бошида Ирина Александровнани Буюк Британияга таклиф этишди. Мураббий параллел равишда ўзбекистонлик ва британиялик спортчилар билан машғулотлар олиб борди. Вива Сиферет ва Деби Саусвик олимпиада медалларини қўлга киритишди. Шундан сўнг Винерни Москвага — Россия терма жамоаси билан шуғулланишга таклиф этишди. Унинг мактабидан ҳар йили янги-янги спорт юлдузлари етишиб чиқмоқда. Россия бадиий гимнастика бўйича жаҳонда етакчи ўринда мустаҳкам турибди. Рио-2016 олимпиадасида бунга жаҳон аҳли яна бир бор гувоҳ бўлди.

Алишер Усмонов билан танишув

Буюк мураббий Россиядаги энг бадавлат одамлардан бири, ажойиб инсон Алишер Усмонов билан қандай қилиб танишган ва ўз тақдирини боғлаган?

Биринчи марта Ирина ва Алишер Усмонов ҳали ўсмирлик чоғларида Тошкентда спорт залида бир-бирини кўрган эди. Винер бадиий гимнастика, Усмонов эса қиличбозлик билан шуғулланишарди.

Ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов Россияда USM Holdings компанияси асосчиси, миллиардер. 1953 йилда Чустда туғилган. Москва давлат университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институтини битирган. Узоқ йиллар давомида молиявий қи­йинчиликлар пайдо бўлганида Иринага ёрдам қўлини чўзиб келди. Спортчиларни тарбиялаш, машғулотлар ўтиш учун спорт залларини ижарага олиб берди.

Кейинчалик Ирина Александровна Москвада Усмоновнинг таклифини қабул қилди ва 1992 йилда турмуш қурдилар. Саккиз йил аввал Алишер Усмонов Ирина Винерга «Новогорск олимпиада қишлоқчаси» қурилишига икки миллиард рубль ёрдам берди. Ушбу лойиҳани жуда кўп нуфузли объектлар эгаси, Москвада кўп нуқталарига эга «Ўрик-қаҳвахона» чойхонаси асосчиси, ёлғиз ўғиллари Антон Винер ишлаб чиққан эди.

Ирина Винер тарбияланувчилари жаҳон чемпионатларида 70 та, олимпиадаларда 10 та олтин медалларни қўлга киритган.

Изоҳ билдириш