5234

Тошкентда ўзбек-корейс бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тур 28 апрель 10:37 313

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги департаменти бош директори Канг Мёнг Су бошчилигидаги Жанубий кореялик ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес форум ва кооперацион биржа ўтказилди. Бу форум амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда қўшма корхоналар яратиш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қўшимча рағбат бўлади. Бу ҳақида Савдо-саноат палатаси хабар бермоқда.

Аамалий учрашув давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад Жанубий кореялик ишлаб чиқарувчилар ва ўзбекистонлик ҳамкорлар билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида автомобиллар учун бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш соҳасида янги қўшма корхоналарни яратиш масалаларини ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажми 1,048 млрд долларни, жумладан экспорт 184,1 млн долларни, импорт 864,5 млн долларни ташкил қилди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 млрд доллардан ошиб кетди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Корея сармояси иштирокидаги корхоналар сони 461 тани, 100 фоиз корейс сармояси билан ишлаётганлари эса 75 тани ташкил қилади. Бу корхоналар савдо, нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, машинасозлик, электротехника ва тўқимачилик, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм ва бошқа соҳаларда фаолият олиб боради.

Бизнес-форумда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Жанубий Корея ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, эркин иқтисодий зоналардаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан таништирилди.

Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этишга оид масалалар муҳокама этилди.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш