12287

Президент хусусий тиббиётнинг суст ривожланаётганидан норози

Тиббиёт 7 июль 14:17 787

6 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Президент расмий веб-сайти.

Унда ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий тиббиёт ўқув юртлари ректорлари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани мажлисда танқидий таҳлил асосида кўрсатиб берилди. Хусусан, патронаж ишлари талаб даражасида эмаслигига урғу берилди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига патронаж хизматининг мазмун-моҳияти ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйиладиган алоҳида Низом тайёрлаш вазифаси топширилди.

“Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак”, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда яна бир долзарб муаммо – минтақа ва ҳудудларда шифокор кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилиниб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида тиббиёт ходимлари учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, уларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар, истеъмол кредитлари билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берилди.

Йиғилишда яна бир устувор йўналиш – республикамизда соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига биноан хусусий тиббиёт муассасасалари фаолиятига чекловлар бекор қилиниб, қатор имтиёзлар берилгани, улар учун барча турдаги юқори технологик операцияларни амалга оширишга рухсат этилгани таъкидланди. Лекин яратиб берилган катта имкониятларга қарамасдан, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди. Бу масалада, айниқса, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллий ҳокимликлар хусусий тиббиёт соҳасига сармоя жалб қилиш масаласига, янги муассаса ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга етарли даражада эътибор бермаётгани билан боғлиқ камчиликлар танқид қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, шу борада “Асакабанк” қошида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан қўшимча молиявий манбалар ҳисобидан ушбу жамғармага 14 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, айниқса, хусусий тиббиёт тармоғини кенгайтириш бўйича ишларнинг аҳволи учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъул экани ва ҳар чоракда Президентга ҳисобот бериши алоҳида таъкидланди.

Айни вақтда хорижий мамлакатлардан юқори малакали шифокор мутахассисларни юртимизга таклиф этиб, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида топшириқлар берилди.

Йиғилишда олиб борилаётган доимий мониторинг ишлари дори-дармон таъминоти ва нархи масаласида ҳам ҳанузгача жиддий муаммолар борлигини кўрсатаётгани аниқ мисоллар асосида қайд этилди. Мутасадди ташкилотларга нархлари чекланган дори воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг дорихоналарда доимо мавжуд бўлиши ва рецепт асосида берилишини таъминлаш каби тадбирлар механизмини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар, компаниялар ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари, бир қатор вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

 
Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар