7316

Конституцияга яна ўзгартириш киритилади

Ўзбекистон 23 май 9:47 583

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси 27 май куни бўлиб ўтади. Бу ҳақида Сенат ахборот хизмати маълум қилди.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан ошириш, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш Давлат дастурини изчиллик билан амалга оширишга қаратилган бир қатор қонунлар киритилади.

Улар орасида «Ўзбекистон Конституциясининг баъзи моддаларига (80, 93, 108 ва 109-моддалар) ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги ва яна бошқа бир қатор қонунлар бор.

Ялпи мажлисда сенаторлар бир қатор халқаро келишувлар ва конвенцияларни ратификациялаш ҳақидаги қонунларни, жумладан Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик ҳақидаги келишувни ратификациялаш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқадилар.

Булар билан бир қаторда мажлис кун тартибига Хива шаҳри ва Хоразм вилоятининг Хива тумани чегарасини ўзгартириш ва Хива, Шаҳрисабз шаҳарларини вилоят тасарруфидаги шаҳарлар тоифасига киритиш, Жиззах вилоятидаги Зомин ва Зарбдор туманлари чегараларини ўзгартириш ҳақидаги масалалар киритилган.

Сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг вазирлик томондан ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича қилинган ишлари ва бу соҳадаги истиқболлар ҳақидаги ҳисоботини тинглайдилар.

Мажлисда Сенат ваколатига тегишли бошқа бир қатор масалаларни кўриб чиқиш ҳам режалаштирилган.

Изоҳ билдириш