5422

Европа Иттифоқи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ривожланишига 21,5 миллион евро ажратмоқда

Иқтисод 29 апрель 21:51 307

2017 йил 28 апрель куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ИТ Марказий Осиё бўйича Махсус вакили, элчи Питер Буриан иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Мазкур анжуман давомида элчи ОАВ ходимларига 2017 йил 26-28 апрель кунлари Европа Иттифоқининг расмий вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида батафсил маълумот берди.

Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида қатор вазирликлар, бошқармалар дипломатик корпус вакиллари, нодавлат ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри маҳаллий ҳокимият билан учрашув ташкил этилди. Делегация ЕИ молиявий кўмаги остида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар фаолияти билан танишиб чиқди.

Питер Буриан расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳамда айрим минтақавий масалалар муҳокама қилинганини таъкидлаб ўтди.

Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистон билан яқинлашиб келаётган ҳафтада “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури” лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзолашни муҳокама қилишди. Мазкур битим доирасида Ўзбекистон ҳукуматига қишлоқ хўжалиги соҳасида тадқиқотчилик фаолиятини ривожлантириш, фермерларга зарур технологиялар, ахборотларни етказиб бериш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда Миллий озиқ-овқат дастурини олиб кириш учун 21 500 000 евро миқдорида грант ажратади.

Шу тариқа, ЕИ Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш