5288

Нефть нархини кескин тушириши мумкин бўлган 5 та мамлакат

Иқтисод 28 апрель 12:21 323

Дунё нефть захиралари камайишни бошлади, талаб ва таклиф баланси эса яқинда танқисликка дуч келади. Бу нефть хом ашёси захиралари камайишини тезлаштиради ва нархлар ошишини таъминлаб, бозорни «мувозанат»га келтиради. Бу шунчаки дастлабки тахмин. Аммо бешта мамлакат барчасини чиппакка чиқариши ва нефть бозорининг мувозанатга келишига тўсқинлик қилиши мумкин, деб ёзади Insider Pro.

Венесуэла

Венесуэла иқтисодиёти эркин қулаш жараёнини кечирмоқда, бу 2014 йилда нефть нархи тушиб кетгач, юз берди. Аммо ҳозир ҳаммаси кескин ёмонлашди, юз минглаб одамлар норозилик намойишларига чиқмоқда, бу Мадуро ҳокимияти тез орада тугаши мумкинлигини билдиради.

2016 йилда Венесуэлада нефть қазиб чиқариш қарийб 10 фоизга камайди, 2017 йилда пасайиш давом этди. Венесуэла жамиятининг тўлиқ қулаши дунёни кунига икки миллион баррель нефтдан айириши мумкин. Бошқа томондан, инқироз натижасида Венесуэланинг ўз талаби ҳам тушиб кетади, бу эса нефть қазиб чиқариш камайганини компенсация қилади, аммо нефть бозорида навбатдаги рискни келтириб чиқаради.

Ливия

Йил бошида ОПЕКнинг шимолий африкалик аъзоси 2016 йилдагидан икки марта кўпроқ — суткасига 700 минг баррель нефть қазиб чиқаришни бошлади. Аммо сўнгги вақтларда мамлакатдаги мураккаб вазият (шу жумладан, жангарилар билан курашлар) туфайли, қазиб чиқариш ҳажми беқарор бўлиб турибди. Улкан ноаниқлик туфайли, Ливияни нефть нархини прогноз қилишда ҳисобга олиш қийин. Нархларга қўшимча ва режалаштирилмаган, кунига 500 минг баррель нефть қандай таъсир қилишини тасаввур этиш қийин эмас.

Нигерия

Нигерия ҳам Ливия каби нефть бозорига катта хавф солади. Бу ерда нефть ишлаб чиқариш 30 йил ичида энг кам кўрсаткичга тушиб қолди — кунига 1,6 миллион баррель. Аммо Нигерияда ўсиш салоҳияти, инфратузилмага етказилган зарарни ҳисобга олганда, анча чекланган бўлиб туюлади. Шунга қарамай, мамлакатдаги вазият жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда.

АҚШ

Бошқа мамлакатлар низолар туфайли беқарорлик хавфи остида бўлса, АҚШ сланец нефти бозорини чўктириб юбориши ва натижада барча прогнозларни барбод қилиши мумкин.

Таҳлилчилар сланец қазиб чиқариш ҳажми бу йил бир неча юз минг баррелни ташкил этишини кутган эди. Аммо АҚШда нефть қазиб чиқариш аллақачон суткасига деярли 300 минг баррелга кўпайди, декабрь охирига келиб эса, ушбу рақам яна 400 минг баррелга ошиши мумкин.

Ўсиш суръатларини прогноз қилиш қийин, бироқ АҚШ сланец ишлаб чиқарувчилари нефть нархига бошқа ишлаб чиқарувчилардан кўра таъсирчанроқ. Шу туфайли нархлар келажаги анча ноаниқ бўлиб, тўлиқ бозор шароитларига боғлиқ.

Россия

Ниҳоят, глобал етказиб беришлар ва шу тариқа нефть нархлари учун энг катта қисқа муддатли катализатор ОПЕКнинг қазиб чиқаришни камайтириш ҳақидаги битимни узайтириш ёки узайтирмаслик ҳақидаги қарори ҳисобланади. Суткасига камида 1,8 миллион баррель тақдири шунга боғлиқ. Ҳозирча эса ОПЕК битимни узайтирмоқчига ўхшайди.

Аммо битта «лекин» бор, у ҳам бўлса Россия. Шу пайтгача у ушбу масала бўйича ўз позициясини оммага маълум қилишдан бош тортиб келди.

Яна бир мураккаблаштирувчи омил шундан иборатки, Россияда нефть қазиб чиқариш ёз мавсумида одатда ўсади.

Ҳозирча кам эҳтимолли бўлса-да, Россия битимни бузиши мумкин. Бу дунёда таклиф тезкорлик билан ўсиши ва нефть хом ашёси нархи қулашига олиб келиши мумкин.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш