Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 2 фоиз бандга оширди.
Бу 2018 йилги инфляция прогноз кўрсаткичларининг ошиши эҳтимоли билан боғлиқ. 2018 йил охиригача унинг йиллик даражаси 16–17%ни ташкил этиши кутилмоқда. Идора қуйидагилар шундай вазият юзага келишига сабабчи бўлганини кўрсатди:
Биринчидан – ташқи омиллар таъсирида сўмнинг курси заифлашуви. Девальвацион босимнинг кучайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланишига жавобан мослашуви билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бунда алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига кумулятив таъсири кейинги еттита чорак давомида кузатилиб, унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади.
Иккинчидан – кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши.
Учинчидан – маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги. Тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлса-да, ушбу нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурий чора ҳисобланади. Мазкур жараённинг ортга сурилиши пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтиради ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларнинг сифатли амалга оширилишига тўсқинлик қилади.
Тўртинчидан – бюджет харажатларининг прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши.
Марказий банкнинг тўлиқ тушунтириши билан бу ерда танишиш мумкин.